Ҳеч кимникига ўхшамаган, антиқа ва кутилмаган муҳаббат изҳорлари

Муҳаббат изҳори. Шу мавзуда мақола тайёрлашим кераклигини айтишганида ўйланиб қолдим: ҳаётимдаги энг яқин инсоним бир вақтлар менга бўлган ҳис-туйғуларини қай тарзда изҳор этганди? Хаёлан умримнинг бир неча йил аввалги даврига қайтдим. Ўн етти ёшдамиз. Энг севимли ҳинд кинофильмим «Девона», севимли актёрим Шохрух Хон эса унда бош қаҳрамон ролини ижро этганди. Ўша фильмда Шохрух Хон Кажолнинг исмини қўлига ўйиб ёзганди. Бу саҳнани кўз ёшисиз кўришим қийин эди. У буни биларди. Шунинг учун ҳам қўлига Нигора деб исмимни ўйиб ёзиб, бу ёзувни менга болаларча фахр билан кўрсатганди. Аввалига кўриб даҳшатга тушдим, кейин хижолатлик билан сўрадим: «Ойингиз индамайдими?» У мағрурона жавоб қайтарди: «Кўрсатмадим. Кун иссиқ бўлса ҳам енги узун кўйлак кийиб юрибман». Йиллар ўтиб, бу воқеа хотирамда элас-элас из қолдирибди. Турмушда яхши кун ҳам бўлди, ёмони ҳам... Аммо чуқур туйғунинг изҳори бўлган бу болаларча телбаликни эслашим билан кайфиятим кўтарилиб, жилмая бошлайман. Бир эслаб кўринг-чи, балки сизнинг ҳаётингизда ўчмас из қолдирган севги изҳори олдида меники ҳеч нима бўлмай қолар?!

Монитордаги «сюрприз»

Зарина НИЗОМИДДИНОВА, актриса: — Ҳаётимда муҳаббат изҳорлари, турли совғалар жуда кўп бўлган. Ҳатто баъзиларининг «муаллифи» кимлигини ҳам билмайман. Улар ичида биттаси жуда ўзига хос бўлган ва уни ҳеч унутолмайман. Бир куни пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан биридаги катта мониторга кимдир суратимни чиқариб қўйибди. Суратим кун бўйи ўша мониторда турган. Ҳайрон бўлганман, бирор реклама ролигимикан десам, реклама учун суратга тушмаганман. Ўйлай-ўйлай, бу кимнингдир изҳори бўлса керак, деган хулосага келганман. Энг қизиғи, бу изҳор эгаси кимлигини ҳалигача билмайман.

«Мени севган сирли шахс...»

Назокат ЁҚУБЖОНОВА, ҳуқуқшунос: — Кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида яшаймиз. 10-синфда ўқиб юрган пайтларим эди. Ҳар куни кимдир хонамнинг деразаси панжарасига қип-қизил пуфак боғлаб кетадиган одат чиқарди. Эрталаб уйқудан кўзимни очишим билан дераза ёнига бориб, кўчага қарардим ва пуфакдаги ёзувни ўқирдим: «Сизни севган сирли шахсдан». Бу бир неча ҳафта давом этди. Аввалига «бу дугоналаримнинг ҳазили бўлса керак», деб ўйладим. Суриштирсам, бундан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Бир куни ўқишдан қайтаётиб, бекатда турсам, бир йигит ёнимга келиб, соат неча бўлганини сўради. Айтдим. У эса шу заҳоти ортига ўгирилиб, мендан нари кета бошлади. Шу онда «ҳар кун келадиган сирли шахс ким экан?» деган саволимга жавоб топдим. Чунки ҳалиги йигитнинг эгнидаги футболка орқасига шундай ёзилганди: «Ўша сирли шахс мен эдим...»

Сочиқчадан ясалган атиргул

Самира РАЖАБОВА, уй бекаси: — Турмуш ўртоғим тўйимиздан аввал ресторанга учрашувга таклиф қилганди. Буюртма берилган таомни олиб келишгунча дастурхон устида турган сочиқчани олиб, чиройли атиргул ясади-да, менга узатди. Хурсанд бўлиб, гулни олишга шайланиб турсам, қўлини тортиб олиб, «бу ясама гул сизга муносиб эмас, кўзларингизни юминг-чи!» деди. Ҳайрон бўлиб, кўзларимни юмдим. Бир неча сониядан кейин кўзларимни очиб қарасам, сочиқчадан ясалган атиргул ўрнига қўлида ҳақиқий қип-қизил атиргул турарди! У гулни бера туриб, менга севги изҳор қилди. Кейин билсам, бўлажак турмуш ўртоғим ресторанга сал илгари келиб, стол тагига гулни скотч билан ёпиштириб, ўша жойни банд қилиб кетган экан.

Туғилган кун совғаси

Саида СОЛИҲОВА, авиачиптачи: — Туғилган кунимда кўчага чиқиб кетаётиб, уйимнинг эшигини очдиму ҳайратдан қотиб қолдим. Эшик тагида момоққина ўйинчоқ айиқча турарди. Унинг бир қўлига атиргул қистирилган. Атиргул ва айиқчага эса биттадан жажжи откритка бор эди. «Бу кимнинг совғаси экан?» деб қизиқиб, гулдаги откриткани очдим. «Мени тезроқ сувга солиб қўй, чанқаб кетаяпман», деб ёзилган экан. Айиқчанинг бўйнидаги мактубда эса «Мени совға қилган кимса сени жуда-жуда яхши кўради!» дейилганди.

Сурат ичидаги мактуб

Шаҳноза Юсупова, «Даракчи» газетасида бош муҳаррир ёрдамчиси.

Мактабда ўқиб юрган кезларим эди. Бир куни уйда дарс қилиб ўтирсам, эшик тақиллаб қолди. Очсам почтачи қўлидаги қалингина конвертни қўлимга тутқазяпти. Хайрон бўлдим, уйимизда ҳеч ким бошқа шаҳардаги таниши билан хат ёзишмасди-да. Почтачини жўнатиб конвертни очдим. Кичкинагина сурат солинадиган альбом экан. Варақласам ичида биринчи синфдан бошлаб то тўққизинчи синфгача тушган барча суратларим бор. Энг сўнгги расмга мактуб қистирилган. Унда севги изҳори ва шунча йиллардан бери мени суратимни йиғиб борган одам ким эканлиги ёзилганди.

Эълон қилинган севги изҳори

Диляна Абдуллаева, уй бекаси.

Турмуш уртогим билан бошка шахарга кариндошларимникига мехмонга борганда танишганмиз. Ушанда у кетип колишимдан куркиб, оригинал севги изхори килган. кўзим тушиши мумкин бўлган барча жойларга катта қилиб суратим туширилган эълонларни ёпишириб қўйган. Суратнинг тагига қуйидагича изҳор битилганди: «Диққат! Дунёдаги энг гўзал қиз қидирилмоқда. Белгилари: гўзал, меҳрибон, ақлли ва тоза қалб! Уни топганлар бу қизни қанчалар севишимни етказишларини сўрайман. Раҳмат!» Юрган йўлимда эълонни ўқиган одамлар мени таниб жилмайишларидан очиғи роса хижолат бўлдим. Аммо бу муҳаббат изҳори юрагимни забт эта олди. Хозир оила қурганмиз. Бундай романтик инсонга турмушга чиққанимдан жуда бахтиёрман.

Ширинлик ичига бекитилган мактуб

Азиза АЗИЗОВА, ҳуқуқшунос — Бир куни синфдошим билан мактабдан қайтаётиб, дўконга кирдик. У ердан ўзим учун керакли нарсаларни харид қилдим. Дўстим эса «киндер сюрприз» сотиб олиб, менга берди. Уни ўша заҳоти очмай, уйга олиб келдим. Уй ишлари, дарсларим билан чалғиб ҳалиги ширинлик эсимдан чиқибди. Бир пайт жияним топиб олиб, ичини очса, ўйинчоқ эмас, бир парча қоғоз чиқибди. Ўйинчоқ тополмагни учун йиғлаб менга олиб келди. Қоғозни очсам, синфдошимнинг севги изҳори экан. Эндигина сотиб олган ширинликни олдиндан тайёрлаб қўйганига қачон алмаштириб улгурганига ҳайрон бўлганман.

«Совчиликка ўзи келганди...»

Наргиза УСАНБОЕВА, журналист: — Ҳаётимдаги энг кучли, ўзига хос ва давомий севги изҳори тақдирим қўшилган турмуш ўртоғимдан бўлган. Институтда ўқиган кезларим талабалар ётоқхонасида яшардим. Хонадошим Сожиданинг ёнига бир индамасгина синфдоши келиб турарди. У эрталабдан кечгача хонамиз бурчагида турадиган стулда ўтириб, емай-ичмай, гапирмай кунини ўтказарди. «Аниқ шу синфдошингнинг юрагидан уриб қолгансан», деб Сожиданинг жиғига тегардим. Кутилмаганда дугонам аслида синфдоши уни эмас, мени севишини айтиб қолди. «Қўйсанг-чи, у мендан кичкина-ку!» деб кулдим.

Бир куни ҳалиги йигит Сожидадан хат бериб юборибди. Ўқисам, севги изҳорига жавоб бермасам, ўзини тўққизинчи қаватдан ташлаши ҳақида ёзибди. У кўп қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида яшашини била туриб, бу гапини чинга олмадим ва мактуб тагига жавоб ёздим: «Розиман!» «Ўзини тўққизинчи қаватдан ташлашига розилигимни ўқиса ҳам ташлаб бўпти, қуруқ сафсата бу!» деб ўйладим-да! Бироздан кейин ошиғим ҳовлиққанча гулдаста кўтариб кириб келса денг! «Розиман дедингизми?!» Раҳмат!» дейди. Аввалига хурсандчилигининг сабабини тушунолмадим. Кейин билсам, «9тўқизинчи қаватдан ташлашингизга розиман» деган гапимни «севгимга рози бўлди» деб тушунган экан. Ўшандан кейин у юрган йўлимда мени пойлайдиган, ётоқхона деразаси тагига келиб, баланд овозда «Наргиз» қўшиғини куйлайдиган одат чиқарганди.

Ўқишни тамомлаб, ишга эойлашдим. У ҳам ишга кирди, аммо узоқ ишлай олмади. Чунки эртаю кеч вақтини ўз иш жойида эмас, менинг ишхонамдаги қабулхонада ўтказарди-да! Ора-чора котиба ёнимга келиб, «йигитинг телефонга чақираяпти», дерди. Менинг эса бундан жаҳлим чиқарди. «У йигитим эмас, мени ишга келмади денг», деб қўнғироқларига жавоб бермасдим. Унга ота-онам Самарқанддан Қашқадарёга узатишга кўнмасликларини тушунтирдим. Жавобимни эшитиб, тарвузи қўлтиғидан тушди. Бу пайтгача у учта жойга ишга кириб, бўшашга ҳам улгурганди. Кейин тушкун оҳангда деди: «Сизнинг ёнингизда бемалол ишлай, яшай олмайман шекилли. Яхшиси, Қашқадарёга кета қолай. Узр, сизни бошқа безовта қилмайман...» Ичимдаги қувончни аранг босиб, у билан ҳайрлашдим. Эртасига кун бўйи хуш кайфиятда ишладим. Кеч тушиб, уйга отландим. Метрога яқинлашаётганимда, қарасам, ҳар доимги жойида мени кутиб турибди. Танимасин деб бошимга плашимнинг капюшонини кийиб олдим-да, йўлни айланиб ўта бошладим. У эса қаршимдан чиқди:

— Капюшон кийсам танимайди, деб ўйладингми?

— Сиз кетмаганмидингиз?

— Йўқ. Барибир сенга уйланаман!

Ундан осонликча қутулмаслигимни тушуниб, ҳийла ишлатмоқчи бўлдим.

— Совчи жўнатинг, уйимдагилар нима дейишса, шу бўлади.

У тезда совчи жўнатди. Аввалдан пишиқлаб қўйганим учун онам совчиларни, «Қизимни узоққа бермайман. Ахир ўғлингизни билмасам, танимасам...» деган жавоб билан қайтарибди. Орадан икки кун ўтмай, ошиғим ўзини таништириш учун уйимизга етиб келди. Хуллас, у онамни кўндирди. Мана, ўн йилдирки бахтлимиз!

Колонка

  • Илк смс изҳорини англиялик бир талаба йигит севгилисига жўнатган. Телефондаги ёзувлар орқали ичидаги бор дардини тўккан талаб, кейин қилган ишидан афсусланади. Аммо йигитни ҳам пинҳона севган қизнинг ҳис-туйғуларидан хабар топганида боши осмонга етади.
  • Бразилиялик бир аёлнинг уйини томига 100 кг атиргул тушади. Бу унга ошиқ бўлган йигитнинг вертолётдан ташлаган севги изҳори экан.
  • Бошқа бир ошиқ севгилиси билан ораларида бўлган узоқ масофалик 2700 км йўлни пиёда босиб ўтади.
  • Англиялик йигит бор пулини Лондоннинг марказий кўчасида жойлашган янгиликлардан бохабар этиб турувчи электрон монитор орқали севгилисига изҳорини эълон қилишга сарфлайди.

Муҳаббат — улкан куч! Уни чиройли тарзда изҳор этиш эса катта маҳорат, ҳатто санъат! Севиб-севилиб яшаш ҳаммага насиб этсин!

Нигора СОЛИҲОВА

 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка