Эркаклар саломатлигига хавф солувчи 6 касаллик

Аёллардан фарқли ўлароқ, эркаклар орасида саломатлик борасида нимадир безовта қилса, шифокорга мурожаат этадиганлар кўп эмас. Уларнинг аксарияти иш кўплиги, вақт тиғизлиги ёки шунчаки хафсаласизлик туфайли касалликни оёқда ўтказишади. Кейин эса аста-секин асоратлар бўй кўрсата бошлайди. Шундай ҳолат юзага келмаслиги учун аввало аёллар турмуш ўртоқларининг саломатлигига эътиборли бўлишлари лозим. Ана шундай эътиборли аёлларни ўйлантираётган саволларга саҳифамизда бугун олий тоифали шифокор-уролог Миразим ҲАКИМОВ жавоб беради.




Простатит

— Эрим кўп йиллардан буён ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Кам ҳаракатлик ва бир жойда узоқ вақт ўтириб ишлаш натижасида простатит касаллиги келиб чиқар экан. Шу ростми?

Муқаддас Очилова, Самарқанд шаҳри

Простатит — простата бези яллиғланиши. У ўткир ва сурункали турларга ажратилади. Бу касалликнинг келиб чиқишига совқотиш, мунтазам ўтириб ишлайдиган меҳнат тури, жинсий яқинликдан тийилиш ёки ўта фаол жинсий ҳаёт, камҳаракатлик, организмдаги сурункали шамоллаш жараёнлари (сурункали бронхит, тонзилит), турли инфекция ва бактериялар таъсири сабаб бўлади.

Белгилари: тез-тез ҳожатга қатнаш, пешоб ажралиш вақтининг қисқариши.

Сурункали простатитда баъзан тана ҳарорати 37 даражага кўтарилади, пешоб ажратиш оғриқли бўлади, чов ораси ва бел соҳасида оғриқ сезилади.

Ўткир простатитда иситма кўтарилиб, алаҳсираш, чов ораси ва белда ўткир санчиқли оғриқлар кузатилади, пешоб ажралишидаги оғриқлар кутилмаганда юз беради.

Ташхислаш учун шифокор томонидан аъзо бармоқ билан пайпаслаб текширилади, УТТ, рентген, компьютер томографияси текширувлари амалга оширилади.

Простатитни даволашда муолажа тури касаллик даражасига кўра белгиланади. Жумладан:

  • антибактериал (препаратлар ёрдамида);
  • маҳаллий даволаш турига кўра — уқалаш;
  • электр токи ёрдамида блокада қилиш;
  • сийдик йўлига дори юбориш орқали.

Асоратлари: агар касалликка беъэтибор бўлиб, ўз вақтида даволанилмаса, эркакнинг ҳаёт сифати ёмонлашуви, бепуштлик ва эриктил дисфункция каби нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Маслаҳат: бир жойда ўтириб ишлайдиган мехнат турида турли нохуш ҳолатларни олдини олиш учун вақти-вақти билан ўрнидан туриб, оёқ чигилини ёзиш тавсия этилади.Бу билан қон томирларида ҳам қон айланиши яхшиланиб, мушаклар фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади. Шунингдне ўтириб ишлайдиган меҳнат туридан сўнг албатта гигиена қоидалрига қатъий риоя этиш зарур.  

Простата аденомаси

– Турмуш ўртоғимга простата аденомаси дея ташхис қўйишди. Эшитишимча, бунда қандайдир ўсимта пайдо бўлар экан. Бу ўсимта хавфлими ва у қандай даволанади?

Санобар Аҳмедова, Олот тумани

Аденома касаллиги асосан 40 ёшдан ошган эркакларда учрайдиган, простата бези ичида ривожланадиган яхши сифатли ўсимтадир. Бу ўсимта бошқа аъзо ва тўқималарга тарқалмайди.

Белгилари: пешоб ажратишнинг қийинлашуви, тез-тез пешоб ажратиш, пешобнинг тутилиб қолиши, чов, мояк халтаси ва оралиқда оғриқ сезиш.

Қандай аниқланади? Ректал бармоқли кўрик, аденома ўлчамини аниқлаш учун УТТ ва уроуфлометрия тадқиқотлари ўтказилади.

Аденома икки усулда даволанади: препаратлар ва жарроҳлик амалиёти ёрдамида. Дори-дармонлар билан даволаш без кичик ўлчамда бўлганда тавсия этилади. Жарроҳлик амалиётида ҳам икки хил усул мавжуд: безни уретра канали орқали лазер ёрдамида ва анъанавий қорин орқали очиқ жаррроҳлик амалиёти ёрдамида олиб ташлаш.

Асоратлари: касаллик ўз вақтида даволанмаса, аденома бези катталашиб, пешоб йўлини тўсиб боради. Шунингдек, буйрак етишмовчилиги, пешоб суюқлиги чўкмалари ҳисобига сийдик қопчасида тош йиғилиши ва жуда қаттиқ оғриқларни келтириб чиқариши мумкин.

Эриктил дисфункция

– Жинсий ҳаётда эркакнинг аёл билан қўшила олмаслиги ва ундан келиб чиқадиган асоратлар бепуштликка олиб келиши мумкинми?

Нозима Ибрагимова, Тошкент вилояти

Эркакда аёл билан қўшила олмаслик, эркак эрекциясининг етишмаслиги эриктил дисфункция номи билан юритилади. Соғлом ҳаёт тарзига номутаносиб бўлган бу ҳолат асоратлари бепуштликка олиб келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бу ҳолатнинг келиб чиқишига қандли диабет, юрак-қон томир фаолиятидаги ўзгаришлар, спиртли ичимликлар, психотроп моддалар, асабийлик, ўткир касалликлар, витамин етишмаслиги сабаб бўлиши мумкин.

Белгилари: жинсий ҳаётда заифлик, жинсий яқинликка хоҳиш камайиши, кайфиятнинг тез-тез ўзгариши.

Даволаш. Аксарият эркаклар шифокорга кўринишдан шунчаки уялишади. Аслида эса касалликнинг илк белгилари сезилган заҳоти мутахассисга мурожаат этилса, натижаси ижобий бўлади. Касалликни даволашда аввал бир қатор текширувлар ўтказилади:

·         қон ва пешоб таҳлили;

·         артериал босим;

·         ЭКГ;

·         қондаги қанд миқдори;

·         гормонлар (тестестерон, эстрадиол, ганодропин) миқдори.

Текширув натижалари организмда қайси томонлама муаммо юзага келганини кўрсатса, ана шу тарафлама муолажалар ўтказилади. Айтайлик, гормонал бузилишлар бўлса, гормонлар миқдори меъёрлаштирилади. Кейинги муолажа беморнинг умумий аҳволи ва таҳлил натижаларига кўра белгиланади.

Асоратлари: энг кўп учрайдиган асоратлардан бири сифатида бепуштлик юзага келиши мумкин. Шунингдек, мазкур касаллик сабаб эркак ҳаётининг сифат даражаси камайиши, руҳий ҳолат ўзгариши ва бошқа бир қатор жиддий касалликларга олиб келиши мумкин.

Варикоцеле

— Эрим қурувчи бўлиб ишлайди. Иш жараёнида оғир юкларни кўтаришига тўғри келади. Яқинда бир дугонам оғир юк кўтариш эркакларда варикоцеле деган касалликни келтириб чиқаришини айтди. Бу қандай касаллик ўзи?

Хуррамой Тошева, Бўка тумани

Варикоцеле касаллигида чап ёрғоқ вена қон томирлари ўз функциясини бажара олмай, қон чиқиши секинлашади. Натижада қон томирлари катталашиб кетади.

Юзага келиш сабаблари: қон томир деворларининг туғма заифлиги;

мояк халтаси ва кичик тос томирларида қон босимининг юқори бўлиши (бунга оғир юк кўтариш, қаттиқ кучаниш каби ҳолатлар сабаб)

Белгилари: мояк функциясининг бузилиши натижасида ёқимсиз оғриқлар, жинсий яқинликдан сўнг аъзоларда оғриқ. Баъзан касаллик белгиларсиз ҳам кечиши мумкин.

Ташхислашда шифокор кўриги, УТТ доплер текшируви, рентген кўрсатмаси зарур.

Даволаш. Касалликнинг енгил кўринишида шифокор томонидан консерватив даволаш буюрилади. Жарроҳлик амалиётида эса 2 хил кўриниш мавжуд: кенгайган томир олиб ташланади ёки томир пластик усул билан тикланади.

Асоратлари: агар касаллик вақтида даволанмаса, мояк кичиклашиб, ўз функциясини йўқотади.

Уретрит

— Яқинда эрим қаттиқ шамоллади. Аҳволи ёмонлашгач, шифокорга кўринсак, шамоллаш билан бир қаторда сийдик йўлида ҳам яллиғланиш юзага келганини айтишди. Бу хавфли эмасми?

Мунаввар Акбарова, Олмалиқ шаҳри

Эркакларда сийдик канали яллиғланишининг тиббий атамаси уретрит деб аталиб, ўткир ва сурункали кўринишга эга.

Юзага келиш сабаблари: жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, ноинфекцион турдаги яллиғланиш, буйракда тош йиғилиши, аъзолардаги юқумли хасталиклар, сийдик каналига таъсир этувчи жароҳатлар, аллергия, бактериялар (стафилокок, стрептокок...)

Ташхислаш учун қуйидаги текширувлардан ўтиш керак: пешоб суюқлиги намунаси, УТТ, сийдик йўлидан чиқадиган суюқликни микроскоп орқали текшириш.

Даволаш: пала-партиш жинсий яқинлик натижасида касаллик бошқа одамга ҳам юқади. Хасталик ўтказиб юборилганда пешоб йўлидан йиринг ёки қон аралаш суюқлик келиши кузатилади. Агар уретритга оид ўзгаришларни сезсангиз, беэътибор бўлманг. Йўқса, касаллик сурункали тусга айланиши мумкин. Шифокор таҳлил натижаларига кўра керакли муолажа турини (антибактериал ёки маҳаллий даволаш) белгилайди.

Буйрак тош касалликлари

— Хўжайиним оғир ишда ишламаса-да, бел оғриғидан кўп шикоят қилади. Баъзида бел ва қовуқ соҳасини санчиқли оғриқ безовта қилади. Бу нимадан бўлиши мумкин?

Мухаррам Ахророва, Сирдарё вилояти

Эркакларнинг бел соҳасидаги оғриқлар мушак-нерв толалари шамоллаши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо бу ҳолат қаттиқ санчиқли эмас, нафас олганда ҳам у билан бирга кечадиган оғриққа яқин бўлади. Кўпинча белдаги оғриқ буйракда қум, туз ва тош йиғилиши билан ҳам изоҳланади.

Белгилари: бел соҳасидаги санчиқли оғриқлар, касаллик ўтказиб юборилганда пешобнинг қон аралаш келиши, тана ҳарорати кўтарилиши, пешоб йўлларидаги сурункали яллиғланиш жараёнларининг авж олиши.

Юзага келиш сабаблари: пешоб ажратиш тизимидаги сурункали касалликлар (цистит, простатит, аденома, пилеонефрит), овқат ҳазм қилиш тизимидаги сурункали хасталиклар (колит, гастрит...), организмда сув миқдори танқислиги (асосан аччиқ, шўр маҳсулотларни истеъмол қиладиганлар орасида кўпроқ учрайди), авитоминоз.

Ташхислаш учун шифокор томонидан қуйидаги текширувлар буюрилади: клиник текширув (бармоқли пайпасланиш), УТТ, пешоб ажратиш йўлини рентген қилиш.

Даволаш. Агар тош буйракнинг ўзида кичик ўлчамда бўлса, майдалаб, пешоб ажратиш йўли орқали чиқариб юборадиган ва оғриқни камайтирадига препаратлар буюрилади. Бироқ буйракдаги тош ўлчами катталашган бўлса, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин. Ҳар қандай муолажадан сўнг албатта қатъий парҳезга риоя қилиш зарур.

Асоратлари: агар касалликка беэътибор бўлинса, буйракдаги қум аста-секин тошга айланиб, пешоб йўлига ўтиши ва пешоб ажралишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бу эса кучли оғриқ ва қовуқ соҳасида шишларга олиб келади.

Уй шароитида…

Простата аденомасида…

500 гр. пиширилмаган қовоқ уруғини гўштқиймалагичдан чиқариб, 200 гр. асал билан аралаштиринг. Ҳосил бўлган аралашмадан кичик шарчалар ясаб, музлаткичда сақланг. Кунига 2 маҳал 4-5 тадан овқатланишдан олдин секин-аста чайнаб истеъмол қилинг.

Пешоб ажратиш йўли яллиғланишида…

Кечқурун ярим боғ кашнич кўкатини майдалаб, 1 стакан қайнатиб совутилган сувга аралаштиринг. Эрталабгача усти ёпиқ идишда сақланг. Дамламадан ҳар 3 соатда 2 ош қошиқдан ичилади.

Буйрак тошини майдалаш учун…

Сирли идишга қирғичдан чиқарилган 2 кг сабзи ва 1 кг майиз солиб, устидан 3 литр дистилланган сув солинг. Дамлама қайнаб чиққач, паст оловда 3 соат қайнатинг. Сўнг совутиб, тиндиринг. Дамламандан кунига 3 маҳал овқатланишдан олдин 50 гр. қабул қилиш лозим.

Варикоцеледа…

Қон томирлари зўриқишини камайтириш учун наҳорда 0,15 гр. мумиёни ярим стакан қайнаган сувда эритиб қабул қилинади.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади

Шархлар   

 
+1 #3 Ahrorbek Quchqarov 2013-09-19 12:49
adresilarni jonatib yuborilar davolanaman
иқтибоз
 
 
0 #2 Ahrorbek Quchqarov 2013-09-19 12:47
iltimos manzililarni yozvorilar davolanmoqchima n
иқтибоз
 
 
+2 #1 Baxodir 2013-03-13 01:21
Otamning parostata bezini olishmoqchi doktorlar ko'p qon ketadigan operasiya deyishdi. Operasiya qilmasdan xam davolasa bo'ladimi? Maslahat bering. Oldindan javobingiz uchun rahmat
иқтибоз
 

Шарх қолдириш


Security code
Янгилаш

Гузаллик
Менинг оилам
9 ойлик бахт
Болажоним 
Сог булинг
Пазанда 
Одамлар орасида
Соч парвариши
Тана ва юз парвариши
Қўл ва оёқ парвариши
Спорт ва фитнесс
Чиройли қомат
Режалаш
Ҳомиладорлик
Туғруқ
Туғруқдан сўнг
Чақалоқ
Эмизиш
1-3 ёшгача
3 ёшдан 7 ёшгача
Ўсмирлар
Болалар шифокори  
Гинеколог ҳузурида
Сексопатолог ҳузурида
Уролог ҳузурида
Ўзим ўзимга табиб
Мурожаат қилдингиз
Рецептлар
Ҳаммаси ошхона учун
Турфа тақдирлар
Менинг ҳаётим
Тақдир кўчалари
Ҳаётий воқеа
Ҳаётий репортаж
Турфа Фикрлар Макрнинг 41 Туяси Карьера ва Хукук Юлдузлар Мода ва Шопинг  Сайт харитаси
Эркаклар аёллар ҳақида
Аёллар эркаклар ҳақида
 Murosai-madora Ҳуқуқингизни биласизми?
Карьера
Янгиликлар
Оила беги
Машҳур аёллар
Интервью
Мода янгиликлари
Юлдузлар имиджи
Ярмарка